2016 йилнинг январида Россияда Ўзбекистон фуқаролари сони камайишда давом этди ва бир ой ичида 1 фоизга камайди. Бундан Россия Федерал миграция хизмати маълумотлари дарак бермоқда.

Февраль бошида берилган янги маълумотларга кўра, ҳозирда Россияда 1,78 млн ўзбекистонлик бор. Айни вақтда Россияда патент бўйича 1,5 млн хорижлик меҳнат қилмоқда.

Санкт-Петербургдаги Европа университети профессори Сергей Абашин Федерал миграция хизматининг маълумотларига ўзининг Facebook’даги саҳифасида изоҳ берди.

"Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирмайдиган Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Россиядаги фуқаролари сони барқарор тарзда, бироқ секин камайиб бормоқда. Бу камайишнинг суръатлари октябрь-декабрь ойларида мавсумий омил сабабли ўсди, ҳозирда суръатлар пасайди, бироқ камайиш тенденцияси сақланиб қолди", деб ёзмоқда эксперт.