АҚШ суди АҚШнинг собиқ президенти марҳум Жон Кеннедининг укаси Роберт Кеннедини ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосини ўтаётган Сирхон Сирхонга 15-марта муддатдан аввал озод қилинишни рад этди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

Шартли-муддатдан аввал озод қилиш комиссияси Сирхон ўз қилмишидан пушаймонлигини етарлича даражада кўрсата олмаган ва ўз жиноятининг оғирлигини англаб етмаган, деган қарорга келди.

Сирхоннинг айтишича, у 1968 йилда Ambassador меҳмонасида Кеннеди ва яна 5 кишини қандай қилиб отганини хотирасидаги ўпирилиш сабабли эслай олмайди ва шу сабабли бўлиб ўтган воқеа учун жавобгарликка эга бўла олмайди. 

Комиссия аввалги марта Сирхонга муддатдан аввал озод қилинишни 2011 йилда рад этганди.

Роберт Кеннеди 1968 йил 5 июнда Ambassador меҳмонхонаси буфетида Калифорния штатидаги дастлабки сайловларда ғолиб бўлгани юзасидан нутқ сўзлаганидан кейин Сирхон томонидан ўққа тутилган ва олинган жароҳатлардан 1968 йил 6 июнда вафот этган.