Саудия Арабистони ИШИДга қарши курашаётган халқаро коалиция Сурияга қўшин киритиш қарорини қабул қилиши биланоқ у ерга қўшинларини юборишга тайёр. Бундай баёнот билан 11 февралда қироллик мудофаа вазири маслаҳатчиси, Яманга ёрдам бериш бўйича "араб коалицияси"нинг вакили генерал Аҳмад Асирий чиқди, деб хабар бермоқда Al Arabiya телеканали.

"Биз альянс қарор қабул қилиши биланоқ қўшинларни юборишга тайёрмиз. Биз иттифоқчиларимиз билан бирга Сурия ва Ироқда ИШИДни ютиш учун биргаликдаги ишимизни давом эттирамиз. Қиролликнинг қўшинларининг қуруқликдаги операцияда иштирок этишини эълон қилиши – қайта кўриб чиқилмайдиган қарордир", деб айтди Асирий.

Асирий Сурияга қуруқликдан кириш "хатарли" эканлигини тан олди. "Ҳа, исталган бошқа ҳарбий операциядаги каби хатарлар мавжуд", деб таъкидлади Асирий ва "Сурияда ҳозирда ҳеч қандай куч ИШИД билан курашмаётгани" ҳақидаги фикрни билдирди. Унинг айтишича, Сурия ва Ироқда ҳаракат қилаётган эронликлар "террорчиларни қўллаб-қувватламоқда".