Босниялик Сенад Хаджич ислом динининг беш устунларидан бири бўлган ҳаж амалини адо этиш учун пиёда йўлга чиқди ва қарийб бир йил деганда ниятига етди. Сенад бу сафар унинг ҳаётида энг унутилмас кунлар бўлганини таъкидлади.

Сенад машаққатли сафар давомида 5340 км масофа босиб ўтган. 20 килограммлик рюкзаги билан еттита мамлакат(Босния, Сербия, Болгария, Туркия, Сурия, Иордания, Саудия Арабистони)ни пою пиёда “забт этган”.

Ҳаджичнинг айни дамда уруш ўчоғига айланган Сурия ҳудудидан ҳам ўтишига тўғри келган. Унинг айтишича, бир неча бор Суриядаги урушаётган томонларнинг назорат-текширув постларидан эсон-омон ўтишга эришган.

"Ҳукуматга қарашли назорат-текширув постидан ўтаётганимда, аскар менинг рюкзагимни текшира бошлади ва унинг ичида муқаддас Қуръон китобини кўриб, қаерга йўл олганимни тушунди ва дарҳол қўйиб юборди”, - деб хотирлайди сайёҳ.

"Мен Аллоҳ розилиги учун, ислом, Босния ва Герцеговина, ота-онам ҳам опам учун пиёда юрдим", - дея изоҳ қолдирган Сенад Ҳаджич Facebook`даги саҳифасида.