GM Uzbekistan компанияси Ўзбекистонда биринчи марта сиқилган газда ишлайдиган автомобилларни заводда ишлаб чиқара бошлади, буни эса, экспертларнинг фикрича, бензин билан боғлиқ муаммолар туфайли ижобий қадам деб баҳолаш мумкин.
“За рулём” нашри бош муҳаррири ўринбосари Игорь Моржаретто Sputnik агентлиги билан суҳбатда бу йўналиш истиқболли эканлигини, негаки газдан фойдаланиш анча тежамкор ва хавфсиз эканлигини таъкидлаб ўтди.

Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда охирги йилларда сиқилган газда ишлайдиган машиналар ишлаб чиқариш урфга кирмоқда.

“Тренд барча давлатларда ривожланмоқда, шу жумладан, мен учун кутилмаган бир тарзда, АҚШда ҳам. У ерда бутун коммунал ва жамоат транспорти газга ўтказилмоқда. Бу жуда фойдали, анча арзон, бензин ёки дизель сингари ёқилғида юрадиган транспортга нисбатан. Бундан ташқари, экология учун зарар ҳам камаяди. Йўналиш Ғарбий Европа давлатларида кучли ривожланмоқда, айниқса Скандинавияда. Бу жиддий мавзу, бу билан дунёнинг барча давлатлари, шу жумладан Россия ҳам шуғулланмоқда”, - деди эксперт.

Моржареттонинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда бензин тақчиллиги яққол сезилиб тургани боис газга ўтиш ижобий қадамдир. Гибрид двигателларга эга автомобилларнинг ишлаб чиқарилиши хавфсизлик масаласини ҳал қилади. айни пайтда ҳайдовчиларнинг кўп қисми ихтиёрий равишда газга ўтмоқда, лекин бу ҳайдовчиларга ҳам, атрофдагиларга ҳам хавф туғдириши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, мутахассиснинг фикрича, яқин йиллар ичида Ўзбекистон тўлалигича газга ўтади.

Манба: Sputnik