Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кейинги кунларда Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган совуқ иқлим шароити ва ёғингарчилик мамлакатнинг энг жазирама нуқталаридан бири бўлмиш Қизилқум саҳросини қор қоплаганига эътибор қаратди. Қўмита сайтига "Жайрон" экомаркази ходими Анна Тен томонидан туширилган сурат жойлаштирилган.

Қизилқум саҳроси Амударё ва Сирдарё оралиғидаги 300 минг кв км майдонни эгаллаган бўлиб асосий қисми Ўзбекистоннинг Бухоро ва Навоий вилоятларига тўғри келади. Шунингдек, Туркманистон ва Қозоғистон ҳудудларида ҳам ушбу чўлнинг чекка қисмлари жойлашган.

Жорий ҳафтада минтақага илк марта совуқ ҳаво оқими кириб келди ва қор ёғди. "Ўзгидромет" маълумотига кўра, ҳафта охиригача кечалари -5 дан -8 даражагача совуқ ҳарорат сақланиб қолади. Кундузги ҳарорат эса +2дан +6гача бўлиши мумкин.