АҚШ разведка хизматларининг маълумотларига кўра, Шимолий Корея Йонбендаги плутоний реакторини қайта ишга туширди ва яқин орада плутоний захираларини яратиши мумкин, деб ёзмоқда The Hill нашри.

"Бизнингча, Шимолий Корея бир неча ҳафта ёки ойлар давомида плутоний олишни бошлаш учун анчадан бери реактордан фойдаланмоқда", деб айтди АҚШ Миллий разведкаси директори Жеймс Клэппер.

Бундан ташқари, Клэппер Пхеньян қитъалараро баллистик ракетани яратишга уринаётганини маълум қилди.

Таъкидланишича, плутоний реактори Шимолий Корея ядровий дастурини амалга ошириш учун зарур бўлган плутоний олишнинг асосий манбаи ҳисобланади. У 2007 йилда Пхеньяннинг ядровий дастури бўйича Шимолий Корея, Жанубий Корея, Хитой, Россия, АҚШ ва Япония иштирокидаги олти томонлама музокараларда эришилган келишувлар доирасида тўхтатиб қўйилганди. Бироқ БМТ 2013 йилда Шимолий Кореяга нисбатан янги санкциялар киритгандан кейин, Шимолий Корея реакторни яна ишга тушириш билан таҳдид қилган.