Туркия ғарбидаги Маниса вилоятида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи 44 ёшли Туркон Эгрибўйин кутилмаган муаммога дуч келди. У эшак боқади ҳамда эшак сути сотади. Бу маҳсулот Туркияда борган сайин оммалашмоқда. Аммо у ўз бизнесини ривожлантиришда қийинчиликларга дучор бўлмоқда.

Бунинг асосий сабаби урғочи эшакларнинг нархи кескин ошиб кетишидир. Илгари жониворларни 200 лира (68 доллар) эвазига харид қилиш мумкин эди, ҳозир эса нарх минг лирага (340 доллар) кўтарилган.

“Одатда қишлоғимизда деҳқонлар бир-бирига урғочи эшакларни 200 лирага сотади, энди эса нархи бирданига минг лирага етди, - дейди аёл. – Биз бутун вилоятда қидирув олиб боряпмиз, ҳозир, қишда уларни топиш қийин бўлади”.

Туркон эшак сутининг бир литрини 100 лирага (34 доллар) сотишини билиб қолган қишлоқдошлар кўпроқ фойда кўришга уринмоқда. Европада эшак сутининг бир литри 150 еврони ташкил қилади.