Эрон саноат, конлар ва савдо вазири ўринбосари Меҳди Карбасьян Япония билан Эрондаги фойдали қазилмалардан фойдаланишда ҳамкорлик қилиш бўйича 10 млрд долларлик келишув имзолангани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатган.

"Эрон Япония билан кончилик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича 10 млрд долларлик шартнома имзолади. Шундай лойиҳа бўйича Германия, Австрия ва Беларусь билан ҳам музокаралар давом этмоқда", дейди Карбасьян.

Унинг қўшимча қилишича, Эрон ўз ресурсларидан тўғри фойдаланган ҳолда дунёнинг иқтисоди ривожланган 10 давлатидан бирига айланиши мумкин.

Карбасьян Эрон президентининг Италия ва Франция давлатларига ташрифини эсга олиб, темир ва алюминий рудалари қазиб олиш лойиҳаларига инвестициялар киритиш бўйича 6,5 млрд долларлик битимлар имзоланганини таъкидлаб ўтган.