Актёр Жорж Клуни ва Ангела Меркель қочқинлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишди

Жаҳон 12 Февраль 2016 1598

Голливудлик актёр Жорж Клуни, унинг рафиқаси Амаль Клуни ва Германия канцлери Ангела Меркель Европадаги қочқинлар билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишди, деб хабар бермоқда The Hollywood Reporter нашри. Улар ўртасидаги учрашув Клуни ўзининг "Яшасин Цезарь!" деб номланган фильмини кинофестивалга олиб келган Берлинда бўлиб ўтди.

Улар ўртасидаги суҳбат бир соатга яқин давом этган. Нашрнинг таъкидлашича, қочқинлар билан боғлиқ вазият Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг "катта" инқироз деб аталмоқда.

Меркель девонхонаси вакиллари Германия етакчисининг Клуни жуфтлиги билан тушган суратини омма ихтиёрига ҳавола қилди, бироқ суҳбат тафсилотларини маълум қилмади.

Аввалроқ актёр Меркелнинг суриялик қочқинлар борасидаги "очиқ эшиклар сиёсатини" қўллаб-қувватлашини айтганди. "Мен у билан мутлақ ҳамфикрман", деб айтганди Клуни журналистларга. Клуни, шунингдек, АҚШни Европага кўмак бериш учун кўпроқ қочқинларни қабул қилишга чақирди.

Клуни Германияга сафари чоғида қочқинлар билан учрашишни ҳам режалаштирган.

Кўпроқ янгиликлар