Даниялик жуфтлик Моника ва Ларс Шмидт энг узоқ вақт давомида бир-бирини бағрига босиб туриш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди, деб хабар бермоқда The Local нашри.

Улар 40 соат 43 дақиқа 47 сония давомида қучоқлашиб туришган. Аввалги рекорд 24 соат 13 дақиқани ташкил қилганди.

Шмидтлар ғарбда нишонлаш урф бўлган севишганлар куни, яъни авлиё Валентин кунига бағишланган танловда ғолиб бўлишди. Танловда 10 жуфтлик иштирок этди. Танлов қоидаларига кўра, ҳар бир жуфтлик диаметри 60 см келадиган айлана ичида қучоқлашиб туриши керак бўлган.

Танлов ташкилотчиларининг айтишича, иштирокчиларга ҳар 2 соатда 10 дақиқалик дам берилган.

Ғолиблар уларнинг танловда иштирок этишларининг сабаби оддий, яъни бунга пул сабаб бўлганини айтишди. Шмидтлар мукофот сифатида 10 минг Дания кронаси (1,3 минг доллар) олишди.

Аввалроқ британиялик жуфтлик Жорж Кирби ва Дорин Лаки расман дунёдаги энг кекса ёшда никоҳ қурганлар бўлгани маълум қилинганди. 103 ёшли Жорж ва 91 ёшли Дориннинг бу натижаси Гиннесс рекордлар китоби томонидан тан олинди. Улар никоҳ қурган куни уларнинг умумий ёши 194 йил 280 кунни ташкил қилган.