Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси 75 ёшни қаршилади

Жамият 12 Февраль 2016 5401

Қозоғистон президентининг рафиқаси Сара Назарбоева 12 февралда ўзининг 75 ёшлик юбилейини нишонламоқда. Қозоғистоннинг биринчи рақамли хоними Қарағанда вилоятининг Қизилжар қишлоғида 1941 йилда дунёга келган.  

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг расмий сайтида рафиқаси билан биринчи учрашуви ҳақида сўзлаб берди. Бу учрашув Нурсултан Абишевич ишлаган Темиртау шаҳридаги домна цехида юз берган.  

"Ўша вақтларнинг энг эсда қоларли хотиралари бўлғуси рафиқам Сара билан илк учрашувим бўлади. Бу учрашув ... домна печи остида, авариядан кейин юз берган. Авария юз берганда ва металл ерга тўкилганда, смена темир йўл ҳаракатини тикламагунча ишдан кета олмайди. Шундай қатъий қоида бўлган: хоҳ бир кун кетсин, ўз камчилигингизни ўзингиз тўғриланг. Қарийб бир суткада оёқда турилибди, ҳамма қоракуяга ботган, фақатгина тиш ва кўзлар кўринадиган мана шундай ёқимсиз лаҳзада мен электроподстанция бўйича тун бўйи навбатчилик қилган ва печимизда нима содир бўлаётганини кўргани келган қиз билан танишганман. Бундан кўп ўтмай бизга тўй қилиб беришган", деб эсламоқда ўша кезларни Нурсултон Назарбоев. 

Жуфтликнинг уч нафар фарзанди – Дариға, Динара ва Алия исмли қизлари ва кўплаб набиралари бор.

1994 йил июлидан бошлаб Сара Назарбоева "SOS – Қозоғистон болалар қишлоқлари" жамғармаси президенти, 1999 йил мартидан "Демография" хайрия жамғармасининг васийлик кенгаши раиси ҳисобланади.

Сара Назарбоева хайр-саховат ва меҳр-мурувват кўрсатиш соҳасидаги улкан хизматлари учун халқаро ташкилотларнинг кўплаб мукофотлари билан тақдирланган. Бундай мукофотлар орасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ихсан Дограмачи номидаги халқаро мукофоти, Unity халқаро мукофоти, "Курманжан Датка" мукофоти бор.

Сара Назарбоева Чингиз Айтматов номидаги "Ўз ўзини англаш фалсафасига қўшган буюк ҳиссаси учун" олтин медали билан тақдирланган. 

Сара Назарбоева машҳур италиялик актриса Софи Лорен қўлидан Россия Қизил Хоч ташкилоти томонидан таъсис этилган ва ўсиб келаётган авлодни қўллаб-қувватлашга қаратилган кўп йиллик фаолият учун бериладиган "Олтин юрак" халқаро мукофотини олган.

Сара Назарбоева, шунингдек, SOS Kinderdorf International халқаро жамғармасининг SOS Kinderdorf болалар қишлоқлари болаларига умрини бағшида қилган аёлларга бериладиган "Олтин узук" мукофоти билан ҳам тақдирланган.

Кўпроқ янгиликлар