Ислом Каримов: Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт, санъат тарбияси, мусиқий тарбияга катта аҳамият қаратилмоқда

Ўзбекистон 12 Февраль 2016 4496

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида 11 февраль куни Оқсаройда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат раҳбари Жамғарма ташкил этилганидан буён, хусусан, 2015 йилда амалга оширилган ишлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида атрофлича фикр юритди. 

Жумладан, фарзандларни соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда жисмоний тарбия ва спорт билан бир қаторда санъат тарбияси, мусиқий тарбия ҳам беқиёс аҳамиятга эгалиги, 2016 йил – "Соғлом она ва бола йили"да Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятида янги бир босқич бўлиши муқаррарлиги таъкидлаб ўтилди.

"Жисмоний тарбия ва спорт одамнинг иродасини тарбиялаб, соғлиғини мустаҳкамлашга ҳисса қўшса, мусиқа санъати унинг руҳига озиқ беради, қалбини, энг нозик туйғуларини камолга етказади.

Мусиқа эшитадиган, мусиқа билан шуғулланадиган одам ёмонликдан албатта узоқ бўлади. Шунинг учун ҳам биз болалар спорти объектларини қуриш билан бирга, болалар мусиқа ва санъат мактабларини барпо этиш масаласига ҳам устувор вазифа сифатида алоҳида аҳамият қаратиб келмоқдамиз.

Бу борадаги ишларимизнинг дастлабки натижаларини мамлакатимизнинг қишлоқ туманлари мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, эътиборга молик катта ишларни амалга оширганимиз аён бўлади", деди Ислом Каримов.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги 157 қишлоқ туманида 191 болалар мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилди. Баъзи ҳудудларда, мисол учун, Андижон вилоятининг 14 туманида 20 та, Самарқанд вилоятининг 14 туманида 19 та, Қорақалпоғистон Республикасининг 14 туманида 16 та, Фарғона вилоятининг 15 туманида 16 та мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, замонавий мусиқа асбоблари, юксак малакали педагоглар билан таъминлангани, бошқа вилоятларимизда ҳам шундай ишлар олиб борилаётгани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга лойиқдир.

"Ана шундай ёшларга эга бўлган, ўз олдига юксак ва улуғ мақсадлар қўйиб яшаётган халқни ўз йўлидан асло тўхтатиб бўлмайди, у ўз мақсад-муддаоларига албатта эришади", деди Президентимиз.

Мажлисда Ўзбекистонда 2016 йилга Соғлом она ва бола йили деб ном берилгани халқ томонидан тўла қўллаб-қувватланаётгани бу қарор эл-юртимизнинг айни кўнглидаги муддао бўлганидан далолат бериши таъкидлаб ўтилди.

"Шу маънода, жорий йил ўзининг мақсад ва вазифалари билан Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятида янги бир босқич бўлиши муқаррар, десак, муболаға бўлмайди.

Спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашнинг энг муҳим ва кучли омили бўлиб келмоқда ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолиши шубҳасиз. Чунки, спорт – бу аввало соғлом авлод, соғлом келажак дегани. Бинобарин, фақат соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади", деди Ислом Каримов.

"Соғлом авлодни вояга етказишда жисмоний тарбия ва спортнинг ролини ошириш, бу борадаги мавжуд моддий-техник база ва кадрлар салоҳиятини жаҳон стандартлари асосида янада мустаҳкамлаш, энг муҳими, спортга меҳр ҳар бир бола, ҳар қайси оила ҳаётига чуқур кириб боришига эришиш энг муҳим, доимий вазифамиз бўлиб қолади", деди ўз сўзининг якунида президент.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди ва келгуси 5 йил учун мўлжалланган режалар, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, Тошкент шаҳрида Олий маҳорат спорт мактаблари барпо этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама этилган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р.Азимов, Бош вазир ўринбосари Б.Зокиров, халқ таълими вазири ўринбосари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Э.Искандаров, қатор вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг ахбороти тингланди.

Йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Кўпроқ янгиликлар