Яқин кунларда "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ мижозлари "TUNE Consulting" томонидан яратилган янги мобиль дастурлар имкониятларини баҳолай олишлари мумкин бўлади.

"Ўзтемирйўлйўловчи"да маълум қилинишича, дастурларнинг асосий функцияларига йўл чипталарининг онлайн-хариди имконияти киради. Шу билан бирга, дастур фойдаланувчилари темир йўл хизматлари фаолиятлари ҳақида тезкор маълумотлар олишлари, рейслар жадвалидаги ўзгаришлар ҳамда янгиликлардан хабардор бўлишлари мумкин бўлади.

Йўл чипталарига пул тўлаш механизми сифатида "UzCard" тизимидан фойдаланилади. Дастлаб чипталарни онлайн-харид қилиш имкониятидан "Mbank" тўлов тизимида рўйхатдан ўтган йўловчилар фойдалана оладилар.

Дастур Android ва iOs операцион тизимларида ишловчи мобиль қурилмаларда самарали ишлай олади.

Дастурлар ишга туширилгандан кейин бир ой ичида зарурият пайдо бўлганда уларни жорий янгилашни ўтказиш режалаштирилмоқда. Бундан мақсад маълумотларни киритишни соддалаштириш, фойдаланувчи интерфейси билан ишлашни осонроқ ва қулайроқ қилишдан иборат.

Мобиль дастурлар ҳақида батафсил маълумотларни "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖнинг расмий сайтидан олиш мумкин.