Аргентинанинг «Уракан» клуби футболчилари Венесуэлада «Каракас» жамоаси билан бўлиб ўтган Либертадорес Кубогининг биринчи саралаш босқичидаги жавоб ўйинидан қайтиш чоғида ҳалокатга учрагач, шифохонага ётқизилган футболчи Патрисио Торансонинг чап оёғидаги 4 бармоқ жиддий шикастланган. Унга жарроҳлик амалиёти қўллашга ва унинг чап оёғидаги тўртта бармоғини қисман ампутация қилишга тўғри келган. Бу ҳақда Marca нашри хабар тарқатган.

Шунингдек, жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Пабло Сантелья ҳам операция қилинган.

Жамоа шифокори Фернандо Локассонинг маълумотига кўра, футболчи Торансо кейинроқ футболчилик фаолиятини давом эттириши мумкин, унинг бармоқларидан бири бешикаст қолган.

10 февраль куни Каракас аэропорти яқинидаги тоғдан пастга тушиш вақтида футболчилар бўлган автобуснинг тормози ишдан чиқиб қолган ва натижада автобус ағдарилиб кетганди.

33 ёшли Торансо 2008 йилдан 2010 йилгача «Уракан» жамоаси учун ўйнаган, 2014 йилда яна жамоага қайтганди. У жамоа сафида ўтказилган 107та ўйинда 14та гол урган. У Аргентина термаси сафида 2 марта майдонга тушганди.