Сўнгги вақтларда кўплаб фойдаланувчилар Apple компанияси дастурий таъминотидан норози бўлишмоқда. iOS’нинг сўнгги версияларида кўплаб майда камчилик учрамоқда ва компания буни бартараф этишга кўп вақт сарфламоқда.

Бироз аввал фойдаланувчилар iOS’нинг яна бир жиддий камчилигини аниқлашди. Унга кўра iPhone, iPad ёки iPod touch’да сана 1970 йилнинг 1 январига ўзгартирилса, улар ишдан чиқади ва ёқилганда компания логотипи давомий равишда кўрсатиб туради. iTunes ёрдамида дастурий таъминотни янгилаш ҳам ушбу муаммони ҳал қилмайди.

Маълум бўлишича, ушбу камчилик iPhone 5 ва ундан янги бўлган смартфонлар (Apple, iPad Air, Air 2, iPad Mini 2, 3, 4, шунингдек, iPod touch 6) да кузатилмоқда. Бу камчилик дастурий таъминотнинг версиясига боғлиқ эмас ва барча iOS’да кузатилиши мумкин.

Ушбу муаммонинг сабаби iOS’нинг аждоди бўлган UNIX-тизимида бўлиши ҳам мумкин. Сабаби 1970 йилнинг 1 январи UNIX’да “0”ли (бошланғич) вақт ҳисобланади. 

Сизларни ушбу камчиликни ўз смартфонингизда текшириб кўрмасликка чақирамиз!