Доимий муомалада бўлувчи қоғоз пуллар маълум муддат ўтиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолиши мумкин. Ана шундай вазиятда кўпчилик нима қилишни, қаерга мурожаат этишни билмайди. Аслида эса бунинг қонуний чора-тадбирлар белгиланган. Ўзи қандай ҳолатдаги банкнотлар тўловга яроқли ёки яроқсиз?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Шерзод Ҳажимуратов “Даракчи” нашри орқали жавоб берди:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2008 йил 27 июнда 1831-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, инкассация ва қимматликларни ташишга доир Йўқриқнома”га кўра, қуйидаги ҳолларда “сўм” тўловга яроқли ҳисобланади ҳамда барча хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳеч бир монеликсиз тўловга қабул қилиниши лозим:

а) ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар;

б) йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми шак-шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;

в) бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;

г) банкнот ҳажмининг 55 фоиздан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар.

Шикастланган пуллар “эскирган” пуллар тоифасига киритилиб, тўловга яроқли ҳисобланади ва банклар томонидан улар шу қийматдаги пулларга алмаштирилиб берилади.