Чикагонинг "ОК Go" рок-жамоаси " Upside down & Inside Out" қўшиғига интернетни "ларзага солган" янги видеоклип суратга олди. Айни вақтда гуруҳнинг Facebook’даги саҳифасига юкланган ушбу клип намойишлари сони 24,5 млн дан ошиб кетди. Клип ҳанузгача гуруҳнинг YouTube’даги каналида пайдо бўлмаган, йўқса намойишлар сони янада кўпроқ бўлиши муқаррар эди. Янги клип атрофида ОАВларда юзага келган шов-шув мусиқачиларнинг клип учун сценарий ёзишда антиқа ёндашганлари ва клипнинг ноодатийлиги сабабли юзага келди.

Клип ИЛ-76 МДК юк самолёти бортида суратга олинган.

 

Авиасозликдан бироз бўлса ҳам хабари бўлганлар ИЛ-76 МДК номини кўргач, видеонинг ноодатийлигига нима сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини дарров фаҳмлаган бўлсалар керак. Ушбу самолёт ташқи кўринишидан оддий ҳарбий-юк самолётига ўхшашсада, самолёт-лаборатория ҳисобланади. У йирик ўлчамдаги юкларни жўнатиш учун эмас, балки фазогирларни орбитага жўнатишдан олдин машғулот ўтказиш учун қўлланади.

Клип гуруҳ ва Новосибирскнинг S7 Airlines авиакомпанияси ҳамкорлигида яратилди. 3 дақиқадан сал кўпроқ давом этадиган видеодаги барча лавҳалар вазнсизлик шароитида ўтган.

Гагарин номидаги фазогирларни тайёрлаш маркази кўмаги эвазига рок гуруҳга вазнсизлик ҳолатига эришиш учун қимматбаҳо суборбитал парвозларни таклиф қилувчи компаниялар хизматларига мурожаат қилишга тўғри келмади. Эффектроқ бўлиши учун ИЛ-76 МДК ичи S7 Airlines компаниясининг йўловчи самолёти ичига максимал ўхшаш қилиб ўзгартирилди.

Қизиғи, видеода рок гуруҳ иштирокчилари ва стюардесслар ролини ижро этган профессионал ҳаво гимнастлари Анастасия Бурдина ва Татьяна Мартинова томонидан бажарилган барча сакрашлар, умбалоқ ошишлар ва бошқа акробатик трюклар замонавий кинематография учун хос бўлган тросларсиз ва махсус кранларсиз ҳамда компьютер графикасисиз амалга оширилган.

Видеонинг энг жозибали томони бўлган қисқа вақтли вазнсизлик эффектига эришиш учун самолёт парабола кўринишидаги Кеплер эгриси бўйлаб кўп марталаб парвоз қилишига тўғри келди. Ернинг тортиш кучи учувчилар томонидан "горка" деб аталувчи манёвр бажарилганда самолёт йўловчилари ва экипажига таъсир қилмай қўяди. Самолётда баландлик тўплаётганда вазнсизлик учун керак бўлган 50 градусли тангажга эришилганда ва штурвал ўзидан итарилганда вазнсизлик юзага келади. Махсус траектория бўйича кейинги парвоз муайян вақт ичида вазнсизликни ушлаб туради ва бу ҳолат самолёт пастлаганда 45-50 градуслик тангажга эришганда йўқолади.

Парвоз пайтида ўртача 15-20 та қисқа муддатли вазнсизлик ҳолати бажарилади, уларнинг ҳар бирининг давомийлиги 25-30 сонияни ташкил қилади. "Горка"ни бажаришдан олдин самолётнинг тезлиги 620 км/соатни ташкил қилиши керак, Кеплер эгриси бўйича ҳаракатланиш учун бошланғич нуқта бўлувчи парвозлар зонаси эса 7 минг метрдан баландроқда бошланади.

Қўшиқ учун материалларни тайёрлаш учун клип муаллифларига 3 ҳафта керак бўлди. Бу вақт давомида рок гуруҳи аъзолари самолётда 21 та парвозни амалга оширишди ва бу парвозларнинг ҳар бири тахминан 15 та вазнсизлик ҳолати билан кечган. Умумий ҳисобда рок гуруҳнинг ҳар бир аъзоси вазнсизлик ҳолатида 2 соатдан кўпроқ вақт бўлган.