Қозоғистон пойтахти Остонада қурилаётган "Абу-Даби Плаза" мажмуасида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Қозоғистон ички ишлар вазирлигининг фавқулодда вазиятлар қўмитаси расмий вакили Руслан Иманқулов РИА “Новости” ахборот агентлигига маълум қилди.   

Ушбу иншоот қурилиши якунлангандан кейин Марказий Осиёдаги энг баланд бинога айланиши керак.

Иманқуловнинг айтишича, ўт ўчириш хизматига ёнғин ҳақидаги хабар 13 февраль маҳаллий вақт билан соат 04.40 да келиб тушган. 10 минутдан кейин ўт ўчирувчилар ёнғин жойида бўлганлар ва уни ўчиришни бошлашган. Ёнғинни ўчиришда 60 нафар ўт ўчирувчи ва 17 та техника бирлиги ишламоқда.

"Янги қурилаётган "Абу-Даби Плаза" биносида 25-қаватда опалубкалар ёнмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, газ баллонлари портлаган", деб айтди Иманқулов. Ижтимоий тармоқларда чоп этилган фотосуратларга кўра, ёнғин бинонинг бир неча қаватини қуршаб олишга улгурган. 

Айни вақтда жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.

Янги бинонинг баландлиги лойиҳа бўйича 380 метрдан кўпроқни ташкил қилиши керак. Таққослаш учун, Останкино телеминорасининг баландлиги 540 метрни, "Москва-Сити" мажмуасининг энг баланд минораси ("Федерация. Восток") 374 метрни ташкил қилади.