"Арсенал" "Лестер"га қарши ўйиннинг охирги дақиқасида ғалабага эга чиқди

Спорт 14 Февраль 2016 3347

Англия чемпионатининг 26 туридаги марказий баҳслардан бири Лондонда ўтказилди. Турнир пешқадамини қабул қилган "Арсенал" ўта қийин кечган учрашувда 3 очко ола олди.

Ўйиннинг 45 дақиқасида ҳакам Мартин Аткинсон мезбонлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбаси белгилади. Бу вазиятда меҳмонлар ҳужумчиси Жейми Варди "Арсенал" ҳимоячи Начо Монрелга келиб урилди ва майдонга қулади. Белгиланган жарима зарбасини ҳужумчининг ўзи аниқ амалга оширди.

Ўйиннинг иккинчи тайми эса "Арсенал" устунлиги остида ўтди. 54 дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси Симпсон Жируга ишлатган қўполлиги учун майдондан четлатилди ва "тулкилар" ўйиннинг қолган қисмида бир киши кам бўлиб ҳаракат қилишди.

61 дақиқада "Арсенал" сафида таянч ярим ҳимоячиси Френсис Коклен ўрнига ҳужумчи Тео Уолкотт майдонга тушди. Таваккалчилик билан қилинган бу ўзгариш самарасини берди ва айнан Уолкотт 70 дақиқада ҳисобни тенглаштирди.

83 дақиқада Арсен Венгер яна бир ярим ҳимоячи Окслейд-Чемберлен ўрнига узоқ вақт жароҳатини даволаш билан банд бўлган ҳужумчи Денни Уэлбекни майдонга ташлади. Якунда бу ўзгариш жамоага ғалаба келтирди. Ўйинга қўшиб берилган бешинчи дақиқада Уэлбек Ўзилнинг узатган пасини боши билан Каспер Шмейхелл дарвозасига йўллади.

Бу ғалабадан кейин "канонирлар" турнир жадвалида 51 очко билан иккинчи ўринга кўтарилган. Биринчи ўриндаги "Лестер" ҳисобидаги очколар сони 53талигича қолди. Кучли тўртликдаги яна икки жамоа "Тоттенҳэм" (48 очко) ва "Манчестер Сити" (47 очко) ўртасидаги баҳс бир неча соатдан кейин бошланади.

"Арсенал" кейинги турда "Манчестер Юнайтед" майдонига сафар қилади "Лестер" эса "Норвич"га қарши ўйнайди.

Англия чемпионати, 26-тур

Арсенал – Лестер 2:1 (0:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 45, пенальти Варди, 1:1 – 70 Уолкотт, 2:1 – 90 Уэлбек.
Арсенал – Чех, Мертесакер, Монреаль, Бельерин, Косьельни (Чемберс, 46), Коклен (Уолкотт, 61), Рэмзи, Ўзил, Окслейд-Чемберлен (Уэлбек, 83), Санчес, Жиру.
Лестер – Шмейхель, Морган, Фукс, Симпсон, Хут, Канте, Дринкуотер, Олбрайтон (Кинг, 83), Марез (Василевски, 58), Оказаки (Грэй, 61), Варди.
Огоҳлантиришлар: Коклен (36), Косьельни (44), Рэмзи (45), Симпсон (49), Фукс (52), Канте (57), Василевски (90), Уэлбек (90).
Четлатиш: Симпсон (54).

Кўпроқ янгиликлар