Футзал: Осиё чемпионати чорак финалида ўйнайдиган 7 жамоа номи маълум бўлди

Спорт 14 Февраль 2016 3269

13 февраль куни Тошкентда ўтказилаётган футзал бўйича Осиё чемпионати гуруҳ босқичи, иккинчи тур ўйинларига якун ясалди.

«C» ва «D» гуруҳларида иккитадан ўйинлар ўтказилди ва ушбу ўйинлар ҳар икки гуруҳдаги вазиятга ойдинлик киритиб, чорак финал йўлланмалари масаласини ҳал қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

«C» гуруҳидаги дастлабки учрашувда Хитой Тайпей терма жамоаси Таиландга қарши майдонга тушиб, 2:7 ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу гуруҳдаги иккинчи ўйинда эса Тожикистон терма жамоаси 1:7 ҳисобида Вьетнамга мағлуб бўлди.

Бу гуруҳда Таиланд ҳамда Вьетнам жамоалари иккинчи турдан кейин 6 очкодан тўплаб, кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.

«D» гуруҳида ҳам чорак финал йўлланмаси соҳиблари иккинчи турдан кейиноқ аниқ бўлиб улгурди.

Бу турда Малайзияни 11:1 ҳисобида мағлуб этган Япония ҳамда қийин ўйинда 5:2 ҳисобида Қатарни енга олган Австралия терма жамоалари чорак финалга йўл оладиган бўлди.

Сўнгги тур олдидан фақатгина «A» гуруҳида чорак финалчилардан бирининг номи номаълум бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, «A» гуруҳида иштирок этаётган Ўзбекистон футзал термаси 2-турдан кейин гуруҳда биринчи ўринни нақд қилганди.

Кўпроқ янгиликлар