Бироз аввал Instagram ижтимоий тармоғи бир вақтда бир нечта аккаунтни қўллаб-қувватлашни йўлга қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Бу янгилик тармоқда бир нечта саҳифага эга бўлган фойдаланувчилар учун қулайлик яратди. Келинг, ундан қандай фойдаланишни кўриб чиқамиз.

Амалдаги аккаунтга бошқа саҳифангизни қўшиш учун қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишингиз керак бўлади:

1. Илованинг “Созламалар” бўлимига кириб, ўнг юқори бурчакдаги 3 та нуқтани босасиз.

2. Янги очилган ойнанинг энг қуйи қисмида “Добавить аккаунт” (“Аккаунт қўшиш”) тугмасини босасиз ва у ерда очилган ойнага янги қўшиладиган аккаунтнинг логин ва паролини терасиз.

Ушбу ҳаракатларни тўғри амалга оширангиз, Сиз янги қўшилган аккаутнинг бош саҳифасига ўтасиз. Аккаунтни алмаштириш саҳифанинг юқори чап қисмидаги бўлимда амалга оширилади: пайдо бўлган рўйхатдан керакли аккаунт танланади.

Билдирги ҳамда лентадаги янгиланишлар,  шунингдек, созламалар ҳам ҳар бир аккаунт учун алоҳида ҳисобланади. Исталган вақтда қўшимча саҳифани ўчириш ҳам мумкин. Бунинг учун, керакли саҳифага кирилади ҳамда “Завершить сеанс” (“Сеансни якунлаш”) танланади. Ушбу ҳаракат амалга оширилгач, Instagram’да бу аккаунтдан ҳеч қандай маълумот сақланиб қолмайди.