"Ливерпуль"нинг собиқ футболчиси, айни вақтда журналист сифатида фаолият кўрсатаётган Жейми Каррагер "Валенсия"нинг россиялик футболчиси Денис Черишевни "Манчестер Юнайтед"нинг собиқ футболчиси Марк Робинсга қиёслади.

Россиялик футболчи 13 февраль куни ўтказилган ўйинда "Эспаньол" дарвозасига гол уриб, жамоага келганидан буён примерода ғалабали ўйин ўтказмаган Гари Невиллга илк ғалабани олиб келди.

26 йил олдин ҳам Марк Робинс "МЮ"га келганида муваффақиятсиз старт туфайли ишдан ҳайдалиш хавфи остида қолган Алекс Фергюсонни Англия кубогининг учинчи босқичида "Ноттингем Форест" жамоасига қарши ўйиндаги ғалаба келтирган голи эвазига ишда олиб қолганди. Раҳбарият ўшанда Фергюсонга охирги имкониятни берган, Робинснинг голи эса уни қутқариб қолганди ва сэр Алекс Фергюсон 2013 йилгача манчестерликларни бошқарди.

Қайд этиш керакки, Испания чемпионатининг 24 тури арафасида "Валенсия" раҳбарияти Гари Невиллга "Эспаньол" устидан ғалаба қозониш шартини қўйгани, шарт бажарилмаса унинг истеъфога чиқарилиши ҳақида хабар тарқалганди. Невилл "Валенсия" бошқарувига келган 5 декабрдан буён жамоа билан примеронинг 9та турида 4та мағлубият ва 5та дуранг қайд этганди.

"Денис Черишев - Испаниядаги Марк Робинс! Аъло иш бўлди, Гэри!", деб ёзган Каррагер твиттерида.

Черишевнинг голи «Валенсия»га Ла Лиганинг кейинги 13 турдаги илк ғалабани олиб келди