Ўзбекистонда 2015 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижаларига кўра, иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслиги меҳнат қонунчилигининг энг кўп учрайдиган қоидабузарликларидан бири бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекциясидаги манба "Sputnik Узбекистан" нашри мухбирига.

2015 йилда инспекция томонидан ҳаммаси бўлиб 6 мингга яқин текширув ўтказилган ва меҳнат қонунчилигининг 12 мингга яқин қоидабузарлиги аниқланган. Агентлик суҳбатдошининг айтишича, маошларнинг ўз вақтида тўланмаслиги билан бир қаторда энг кўп учрайдиган қоидабузарликларга иш берувчи томонидан меҳнат шартномасининг бир томонлама ноқонуний бекор қилиниши ва мавжуд бўш иш жойлари бўйича ишга олмаслик киради.

"Бизнинг маълумотларга кўра, иш берувчилар томонидан ойлик маошларнинг тўланмаслигининг асосий сабаби ташкилотнинг ҳисоб рақамида пул маблағларининг йўқлиги бўлмоқда. Шунингдек, бундай ҳолатлар ўз вақтида ходимларига маошларни ҳисоблаш бўйича зарур ҳужжатларни имзолашни унутган раҳбарнинг эътиборсизлиги туфайли юз беради. Ойликлар тўланишининг ушланишига, шунингдек, фойда олиш мақсадида ташкилот ёки корхона томонидан пулларнинг "айлантирилиши" яна бир сабаб бўлмоқда", деб айтди инспекция ходими.

Манбанинг маълум қилишича, ҳаммаси бўлиб жисмоний ва юридик шахсларнинг 4 мингга яқин шикоят ва аризалари ўрганиб чиқилган. Жумладан, маошнинг ўз вақтида тўланмаслиги билан боғлиқ 1,3 мингта, меҳнат шартномаларининг тугатилиши ва бўш ўринлар борлигини яшириш билан боғлиқ 300 тага яқин мурожаат кўриб чиқилган. Барча қоидабузарларга нисбатан кўрсатма ва жарималар кўринишида маъмурий жазо қўлланган. Натижада республика бўйича ундирилган жарималар миқдори 1,5 млрд сўмдан кўпроқни ташкил қилди.

Ўзбекистонда 2016 йилда 990 мингта янги иш ўрни ташкил қилиш кўзда тутилган ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва меҳнат муҳофазаси бўйича ишлар давом эттирилади.