Таниқли Microsoft корпорациянинг делегацияси Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этиш учун ташриф буюрди, деб хабар беради Инҳа университети расмий сайти. 

Делегация таркибидан Microsoftнинг Марказий ва Шарқий Европа минтақасида лицензия қоидаларига амал қилинишини назорат қилувчи менежерлари Диас Шуканов ва Анна Самолётова, Ўзбекистондаги бизнесини ривожлантириш бўйича менежер Равшан Каримов ва Марказий Осиё ва Монголияда ҳамкорлар билан ишлаш менежери Алиёр Баҳроновлар ўрин олган эди.

Microsoft делегацияси аъзолари Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Шерзод Шерматов билан учрашишди ва ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.

Хабарда ёзилишича, Microsoft корпорацияси икки йилдирки университет талабаларига DreamSpark ваучерларини тақдим этмоқда. Мазкур ваучерлар ёрдамида талабалар Visual Studio, Xamarin, GitHub Student Developer pack, VS Express 2013 for Web/Windows, VS Team Foundation, Team Explorer Everywhere, MS Expression Studio, XNA Game Studio 4, Kinect for Windows SDK, Kodu Game Lab, MS Mathematics, Windows Phone SDK, Silverlight 4 SDK, MS Robotics Developer Studio, VS LightSwitch, Microsoft Azure ва бошқа дастурлардан бепул фойдаланишаяпти.