Қизиқчи ва актриса Ҳалима Ибрагимова Instagram ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасига йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайдиган, йўловчи оламан деб, бошқа ҳайдовчиларга халақит берадиган “учар” киракашларга илтимос мазмунидаги видеомурожаатни жойлаштирди.

“Ҳозир уйдан чиқиб, “Ҳамза” (Новза) метрога қараб ҳаракатланаётган пайтимда чап томонда кетаётган “Матиз” автомобили ўнг томонда такси тўхтатаётган йўловчини олмоқчи бўлди. Натижада йўл транспорти ходисаси содир бўлди. Ўртоқ, киракашлар, илтимос, чап қўлда кетаяпсизларми, чап қўлда кетинглар, хўп?! Арзимаган 4-5 минг пул топаман деб, аварияга сабаб бўлманг. Сал орқа-олдингларга қараб ҳайданглар машинани. Бу ерда сизлардан бошқа машина ҳайдаётган, уйига, бола-чақасининг олдига кетаётганлар ҳам бор”, дейди Ҳалима Ибрагимова.

Тан олиш керакки, у кўтарган ижтимоий масала анча муҳим ва танқидлари ўринли. Сўз якунида 15 февралдан бошланадиган назорат тадбирларидан сўнг, кўча ва маҳалла йўлларидаги ҳаракатлар тартибга тушиб қолишига умид билдирган.

Масаланинг яна бир жиҳати бор: Негадир Ҳалима Ибрагимованинг ўзи ҳам видеомурожаатни автомобилни четга тўхтатиб, хотиржам тарзда амалга оширмаган. Бу ҳам қоида бузиш ҳолати эмасми?!

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда 15 февраль санасидан бошлаб пойтахт йўлларидаги ўрганишлар сонининг кескин оширилиши ҳақида хабар қилгандик.