Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу Туркия қуролли кучлари суриялик курдлар позицияларига зарба берганини тасдиқлади, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Довудўғлунинг бу баёноти турк телеканаллари томонидан эфирга узатилди.

Туркия бош вазири, шунингдек, курдлар Сурия шимолидаги Аъзас туманини тарк этиши лозимлигини таъкидлади.

"Биз уларнинг ҳар бир қадами учун ўч оламиз", деб айтди Довудўғлу.

Аввалроқ Туркия ҳукуматидаги манба турк ҳарбийлари Суриянинг шимолидаги курд позицияларини артиллерия қуролидан ўққа тутганини маълум қилганди.

Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, турк снарядлари маҳаллий аҳоли уйларига ҳам теккан.