Янги Зеландияда зилзила оқибатида қоя қулаб тушди

Жаҳон 14 Февраль 2016 3971

Янги Зеландия соҳиллари яқинида 14 февралда 5,8 магнитудали анчагина сезиларли зилзила юз берди, деб хабар бермоқда АҚШ Геологик хизматига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги.  

Зилзила ўчоғи 8 км чуқурликда, маркази Крайстчерч шаҳридан 17 км узоқликда бўлган. Табиий фожиа оқибатида жабрланганлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълум қилинмаган.

Зилзила ярим дақиқадан сал кўпроқ давом этганига қарамасдан, бироқ бу серферларнинг севимли пляжларидан биридаги қояларнинг қулашига етарли бўлди.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, у рафиқаси билан одатдагидек итини сайр қилдириб юрганда бирданига уларнинг кўз ўнгида соҳилдаги қоялардан бири чўка бошлаган ва сувга қулаб тушган ҳамда ўзининг ортидан ҳавога чанг-тўзон устунини кўтарган. Жуфтлик бу ҳолатни видеога олиб, уни Youtube’да жойлаштирган.

Янги Зеландия орқали Тинч океани "оловли ҳалқаси" – 40 минг километрлик вулқон ва тектоник ёриқлар занжири ўтади. У Жанубий ва Шимолий Америка соҳилларидан Аляска жанубига давом этиб, кейин Япония, Филиппин ва Индонезия томон бурилади ҳамда Янги Гвинеяда тугайди ҳамда шу тариқа бутун Тинч океанини боғлаб олади. "Оловли ҳалқа"да Ер шаридаги 90 фоизга яқин зилзилалар юз беради, чунки унда сайёрамизнинг кўпчилик энг фаол вулқонлари жойлашган.

 

Кўпроқ янгиликлар