Миллиардер Стэн Кронке АҚШдаги энг катта ранчо бўлган "Ваггонер"ни сотиб олди. Ранчонинг майдони 216,5 минг гектарни ташкил қилади, бу майдон Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарлари ҳудудларининг биргаликда олингандаги ўлчамидан кўпроқни ташкил қилади, деб ёзмоқда The Wall Street Journal нашри.

Ушбу харид Кронкега 725 млн долларга айланди.

Бу харид орқали миллиардер ер билан бирга 7,5 минг бош чорва, 500 нафар от, 12 минг гектар қишлоқ хўжалиги майдонлари, йилига 675 минг баррель нефть берувчи 1,2 мингта нефть қудуғини ҳам қўлга киритди.

Кронкенинг бойлиги 7,7 млрд долларга баҳоланади. У АҚШдаги энг йирик кўчмас мулкни ривожлантириш компанияси Kroenke Group’нинг эгаси, унинг рафиқаси эса Wal-Mart компаниясининг ворисларидан бири ҳисобланади.

Кронкега, шунингдек, Англиянинг "Арсенал" футбол жамоасининг 40 фоиз акцияси, "Денвер Наггетс" баскетбол жамоаси, "Колорадо Эваланш" хоккей клуби ва "Колорадо Рэпидз" футбол жамоаси ҳам тегишли.