Австралия полицияси ходимлари операцияси натижасида бозордаги нархи 1,26 миллиард долларни ташкил этувчи 720 литр кучли таъсир этувчи наркотик – метамфетамин (“муз”, “айс”) мусодара этилган.

Бўлиб ўтган матбуот конференциясида мамлакат федерал полицияси раҳбарларидан бири Крис Шиханнинг маълумот беришича, ўтган йилнинг декабрь ойида Гонгконгдан келган сийнабандлар учун гелли қўшимчалар ортилган контейнер ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эътиборини тортгач ушбу операция режаси тузилган.

Маълум бўлишича, жиноятчилар бу гелли қўшимчаларда 190 литр суюқ метамфетамин яширишган. Кейинроқ терговчилар Сидней шаҳрининг чеккароқларида тўрт жойда ҳам юк терминалларида беркитилган яширин наркотик омборлари (тахминан 530 литр)ни фош этдилар.

Полиция метамфетаминни ноқонуний ишлаб чиқариш ва Австралияга олиб кириш айби билан асли гонгконглик бўлган тўрт одамни ҳибсга олди.
“Бугун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун жуда яхши кун, наркотик билан шуғулланувчи уюшган жиноятчилар учун эса жуда ёмон кун” –деди Астралия адлия вазири (бош прокурор ўринбосари) Майкл Кинан.