Россия бош вазири Дмитрий Медведев Мюнхендаги хавфсизлик бўйича конференция вақтида Euronews телеканалига интервью берди. Суриядаги вазият анжуманнинг асосий мавзуларидан бири бўлди, шунинг учун хорижий журналистнинг Медведевга берган саволлари кўп жиҳатдан шу мавзу атрофида бўлди.

Жумладан, журналист Мюнхендаги Россия делегациясига бошчилик қилаётган Медведевдан Сурия президенти Башар Асаднинг сиёсий келажаги ҳақида сўради.

"Сиёсий етакчи сифатида унинг тақдирини Сурия халқи ҳал қилиши керак. Буни Асаднинг ўзи ҳам тушунади. У Москвага келганда бу ҳақда айтган: "Агар халқ мени қўллаб-қувватламаса, табиийки, мен мамлакат бошқарувида иштирок этмайман", деб айтган. Бироқ Суриядаги бўлғуси сиёсий тузум, мамлакат қандай қилиб бошқарилиши белгилангунча, у жойида қолиши керак", деб айтди Медведев.

Медведев, шунингдек, интервьюда Россиянинг Сурия муаммоси бўйича ғарб давлатлари билан ўзаро ҳаракатлари борасидаги саволга Россия Сурияда ўзининг миллий манфаатларини ҳимоя қилаётганини айтди.