Голландия футбол федерацияси олиб борилган узоқ текширувлардан кейин 2008/09 йилги мавсумдаги «Виллем» ва «Утрехт» ўртасидаги учрашувни келишилган деб топди.

L'Equipe нашри берган маълумотга кўра, ўша пайтларда Голландия чемпионатида тўп сурган Ибраҳим Каргбо икки нафар жамоадоши билан келишилган ўйинларни ташкил қилишда айбланиб жазоланган сингапурлик Уилсон Раджа Перумала билан ўйинни ютқазиб беришга келишишганини тан олди. Унга кўра, ҳар бир футболчига 25 минг евро берилиши ваъда қилинган.

Шунга қарамай футболчилар ўзларига ваъда қилинган пулларни олишмаган. Ўша учрашувда «Виллем» битта эмас, иккита гол ўтказиб мағлуб бўлган. Келишувга кўра мағлубият битта гол билан ҳал қилиниши керак бўлган.