Исроилнинг собиқ бош вазири Ольмерт қамоқ жазосини ўташни бошлади

Жаҳон 15 Февраль 2016 1787

Исроилнинг собиқ бош вазири Эхуд Ольмерт бугун, 15 февраль кунидан коррупция иши бўйича белгиланган жазони ўташни бошлайди.

2014 йилда Тель-Авив округ суди Ольмертни 6 йиллик қамоқ ва 1 млн шекел (290 минг доллар атрофида) миқдоридаги жарима жазосига ҳукм қилганди. У Қуддус (Иерусалим) мэри лавозимини эгаллаб турган пайтида Holyland турар-жой мажмуаси қурувчиларидан 144 минг доллар, яна бошқа иш бўйича эса 17 минг доллар пора олганликда айбланганди.

Ўтган йилнинг декабрида Исроил олий суди мамлакатнинг собиқ бош вазири Эхуд Ольмертга қарши коррупция ишларидан бири бўйича 2014 йилда қабул қилинган ҳукмни қайта кўриб чиқди.

Энди у Тель-Авив шаҳри яқинидаги «Маасиягу» қамоғида 19 ой ўтиради.

У Holyland аҳоли турар-жой комплексининг қурилишини қўллаб-қувватлаш учун пора олганликда айблангач чиқарилган суд ҳукми қайта кўриб чиқилиб, жазо (6 йиллик қамоқ) 18 ойга ўзгартирилди.

Кейинроқ, ўтган ҳафтада тергов давомида унга қарши кўрсатма бермасликни сўраб котибият бошлиғи Шуль Закенга пул таклиф қилгани учун эса унга 1 ой қамоқ муддати қўшиб берилган.

Ольмерт 1993-2003 йилларда Қуддус шаҳри мэри вазифасида ишлаган. Айнан ўша вақтда унинг Holyland турар жойи мажмуаси қурилишига рухсат беришда пора олганлиги айтилган.

Ольмерт бош вазир лавозимида 2006 йил апрелидан 2008 йил сентябрига қадар фаолият олиб борган, 2008 йилда ўзига нисбатан бир қатор айбловлар илгари сурилгач, Исроил бош вазирлигидан муддатидан илгари истеъфо берганди.

У мамлакат тарихида мажбуран ўз лавозимини тарк этган ва кейин судга тортилган ягона бош вазир ҳисобланади.

Исроил собиқ бош вазири Эхуд Ольмертнинг қамоқ муддати қисқартирилди

Кўпроқ янгиликлар