"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси март ойи охирида Тошкентдан Россиянинг Воронеж шаҳрига тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширишни бошлайди. Бу ҳақда "Воронеж" халқаро аэропорти матбуот хизмати хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, парвозлар Boeing ва Airbus самолётлари воситасида амалга оширилади.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" вакили маълумотига кўра, Воронеждан Тошкентгача рейс учун чипта нархи 11 минг рубль бўлади.

"Ҳафтанинг душанба кунлари Воронеж аэропортидан Boeing 757 (250 ўринли), пайшанба куни эса Airbus A-320 (180 ўринли) самолётлари учади. Қатновлар 2016 йилнинг 28 март кунидан бошланади", дейилган хабарда.

Қайд этиш керакки, ўтган асрнинг 70-йилларида Воронеж аэропортидан Тошкент шаҳрига ҳафтасига 3та авиарейс амалга оширилган, самолётлар сиғими 100 кишигача бўлган. Айни вақтда Воронеж вилояти ўзбеклар сони бўйича Россиядаги иккинчи ўринда турувчи вилоят ҳисобланади.

Маълумот учун, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" МАК дунёнинг 40дан ортиқ шаҳрига – Европа ва Осиё, Америка ва Японияга мунтазам асосда қатновларни амалга оширади. Дунёнинг 25 мамлакатида авиакомпания ваколатхоналари фаолият кўрсатмоқда.