Сеул ядровий қуролга эгалик қилиши мумкин

Жаҳон 15 Февраль 2016 3463

Давлат етакчи партияси “Сэнури”нинг парламент фракция раиси Вон Ю Чхоль Жанубий Корея Миллий (парламент) йиғилишида депутатлар олдида сўзга чиқар экан, Корея Республикаси ўзининг ядровий қуролига эгалик қилиши лозим, деб ҳисоблашини билдирди. Унингча, бундай чора Шимолий Корея ракета-ядровий таҳдидларидан ҳимояланиш учун зарур.

“Биз ҳар сафар ёмғир ёққанда қўшнидан соябон сўрай олмаймиз. Бизга ўзимиз кия оладиган ёмғирпўш керак” –деди сиёсатчи, Жанубий Кореядан1991 йилда тактик ядровий қуроллари олиб чиқиб кетилгач, мамлакат Американинг “ядровий соябони” ҳимояси остида эканига урғу бериб.

Ўшанда Сеул ва Пхеньян Корея яриморолини ядросиз майдонга айлантиришга келишиб олишган эди. Лекин кейинчалик Шимолий Корея атом қуроли ишлаб чиқаришни бошлаб ушбу келишувни бузган эди.

Вон Ю Чхолнинг қайд этишича, Шимолий Корея томонидан ўтказилган тўртта ядровий тажриба ядросизлантириш тушунчаси ва тамойилини "бутунлай издан чиқарди".

Фракция раиси Жанубий Кореянинг Кэсон саноат паркининг ёпилиши ҳақидаги қарорини ҳам қувватлади. Шимолий Корея бу паркда ишлаб топган маблағини ўзининг ядровий ва ракета дастурларини ривожлантириш учун сарфлаган бўлиши мумкин, деб ҳисоблашади Сеулда. Ушбу лойиҳадан Пхеньян ҳар йили 100 миллион доллар даромад олиб турган. Саноат паркининг ёпилиши ҳақида бир неча кун аввал эълон қилинганди.

Шимолий Корея 7 февраль куни ракета-космик кемаси ва сунъий йўлдошининг муваффақиятли ишга туширилгани ва ускунани орбитага учирилиши ҳақида маълум қилганди. 6 январь куни Пхеньян термоядроли бомбанинг синовлардан яхши натижа билан ўтганини эълон қилди.

Кўпроқ янгиликлар