15 февраль куни Москвага ташриф буюрган Эрон Мудофаа вазири Ҳусайн Деҳқон россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу ва Россия ҳукумати раиси ўринбосари Дмитрий Рогозин билан учрашиб, ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади. Бу ҳақда «Коммерсантъ» нашрида ёзилган.

Хабарда айтилишича, эронлик вазир Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан ҳам учрашишни режалаштирган.

Манбанинг маълумотига кўра, расмий Теҳрон Москвадан жами 8 млрд долларлик маблағга ҳарбий техника ва қурол сотиб олишни мўлжаллаган. Бу борадаги Эрон ҳарбийлари томонидан йўлланган рўйхат Кремлда ўрганиб чиқилаётгани айтилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, Эрон Россиядан Су-30СМ русумли ҳарбий қирувчи самолётлари, Як-130 русумли ҳарбий-ўқув самолётлари, Ми-8 ва Ми-17 русумли вертолетлар, «Бастион» ракета мажмуалари, фрегатлар ва сувости кемалари харид қилмоқчи.

Қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кенгайтирилишига икки омил тўсиқ бўлиши мумкин. Биринчи навбатда, расмий Теҳрон қуролларни кредитга олмоқчи, Россия эса мавжуд иқтисодий инқироз туфайли бунга рози бўлиши қийин. Бундан ташқари, БМТнинг Хавфсизлик кенгаши №2231 рақамли резолюциясига кўра, 2020 йилгача Эронга қуроллар етказиб бериш бўйича чеклов ўрнатилган. Шу туфайли Россия Эроннинг таклифига рози бўлсада, қуролларнинг бир қисмини кўрсатилган муддатгача етказиб бериши мумкин бўлмайди.

Бундан олдинроқ, Россия ТИВ Эроннинг ракета дастурига хотиржамлик билан муносабатда бўлиши ҳақида айтилганди.