Бугун, 16 февраль оқшомида Европа Чемпионлар лигасининг плей-офф ўйинларига старт берилади.

Нимчорак босқичида ўтган йилнинг кузидаги гуруҳ босқичида ўз гуруҳларида 1 ва 2 ўринларни эгаллаган жамоалардан тузилган жуфтликлар ўзаро баҳс олиб боради.

Босқичнинг биринчи кечасига 2та ўйин белгиланган. Парижда "ПСЖ" "Челси"ни қабул қилса, Санкт-Петербургнинг "Зенит" жамоаси Португалияга, Лиссабоннинг "Бенфика" жамоаси майдонига сафар қилади.

Бу ўйин арафасида "Челси"нинг бельгиялик ярим ҳимоячиси Эден Азарнинг фаолиятини айнан "ПСЖ"да давом эттириши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Лондонликлар мураббийи Гуус Хиддинк эса бундай даражадаги футболчи юқори савияли лигада тўп суриши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Айни вақтда "Челси" АПЛда 26 турдан кейин 33 очко билан 12 ўринда жойлашган. "ПСЖ" эса Франция чемпионлигини деярли нақд қилган. Парижликлар 26 тур ўйинларидан кейин 70 очко тўплаган ва иккинчи ўриндаги "Монако" жамоасини 24 очкога ортда қолдириб кетган.

"Бенфика" айни вақтда Португалияда чемпионатида 22 тур ўйинларидан кейин "Спортинг"дан 3 очко ортда қолган ҳолда иккинчи ўринда жойлашган. Россияда эса айни вақтда қишки таътил давом этмоқда. "Зенит" биринчи давра якунида 30 очко жамғариб, тўртинчи ўринни олганди. Питерликлар таътил вақтида 3 марта йиғин ўтказишди, учинчи йиғин Португалияга ёндош Испанияда бўлиб ўтди.

Ўйинлар Тошкент вақти билан 17 февралга ўтар кечаси соат 00:45да бошланади.

17 февраль кунига "Гент" ва "Вольфсбург" ҳамда "Рома" ва "Реал" баҳслари ўтказилади.

Нимчорак финалнинг кейинги ҳафтасида яна 4та ўйин ўтказилади. 23-24 февраль кунлари "Арсенал" - "Барселона", "Ювентус" - "Бавария", "ПСВ" - "Атлетико", "Динамо Киев" - "Манчестер Сити" жуфтликлари учрашади.