Apple компанияси ўзининг техник кўмак кўрсатиш саҳифасида iOS-қурилмаларда сананинг 1970 йил май ёки ундан ҳам эртароқ санага ўзгариб қолиши носозликка олиб келишини расман тан олди.

Компания берган хабарда, шунингдек, муаммо келгуси янгиланмада тузатилиши айтилди. Агар қурилма бу муаммо сабаб шикастланган бўлса, Apple ўзининг техник кўмак кўрсатиш хизматига мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.

Қурилмани носоз ҳолатга келтирувчи муаммо интернетда 11 февралдан фаол гапирила бошланди. Бу хато аниқлангандан кейин фойдаланувчилар носозликни қурилманинг махфий функцияларига кириш учун калит деб ўйлашган. Шу тариқа, баъзи ишонувчан фойдаланувчилар ўзлари қурилмани носоз ҳолатга келтиришган, смартфонни уй шароитида ишчи ҳолатга келтиришнинг эса деярли ҳеч қандай иложи бўлмаган.