Франциянинг «ПСЖ» клуби бош мураббийи Лоран Блан жамоа ҳимоячиси Серж Орьенинг интернет тармоқларининг бирида мураббийга ва клуб футболчисига нисбатан ҳақоратли сўзларни ишлатганига салбий муносабат билдириб ўтди.

«Бунга муносабатимни сўраяпсизми? Жуда ёмон. Бу ҳам демократия ва мамлакатимизда ҳамма ўз фикрини эркин билдира олаётганидан хурсандман. Аммо мен икки йил олдин клуб раҳбариятидан Серж билан шартнома тузишларини сўрагандим. Кеча нимани кўрдим? Бу унинг худди миннатдорчилиги каби бўлди. Афсус.

У ЕЧЛда ўйнаши керак эди. У эса энди ҳеч иш қилмасдан уйида ўтиради. Серж ўзини ўзи жазолади. Клубни ҳам жазолади - унинг имижига зарар етказди. Бу жуда ёмон. У четдан келган. Шундай экан бунга нисбатан реакция бўлиши аниқ. Биз хавотирдамиз. Ҳеч ким бунақа бўлади деб ўйламаганди.

Унинг ёшидаги футболчиларда бирор айб иш қилиб, кейин узр сўраш ҳолатлари кузатилади. Яхшиси бирор айби учун кечирим сўрашдан ўрнига, бу ишни қилишдан олдин ўйлаб кўриш керак», дея Бландан иқтибос келтиради Le Figaro нашри.

Эслатиб ўтамиз, футболчи Periscope ижтимоий тармоғида саволларга жавоб бериш чоғида мураббий Лоран Бланни ва жамоа сардори Златан Иброҳимовични қаттиқ ҳақоратлаган, Бланни ношуд деб атаганди.