Тошкент давлат аграр университетида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД), Глобал Экологик Жамғарма (ГЭЖ) ва “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси билан ҳамкорликдаги “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида “Ўзбекистон Республикасининг ер фонди ва ундан фойдаланиш” ресурс-ахборот маркази ташкил қилинди.

Марказ учун Ўзбекистон Республикаси табиий картасининг макети, барча ҳудудларимизда учрайдиган асосий тупроқ намуналарини кўрсатиш мақсадида 20 дона махсус қутилар, ўқув дарслари ва илмий тадқиқот ишларида фойдаланиш учун зарур бўлган 13 дона турли хариталар тайёрланди.

2016 йилда ахборот ресурс маркази учун 50 номда замонавий ўқув дасрликлари ва қўлланмалари харид қилиниши режалаштирилган. Ушбу марказни ташкил қилишдан мақсад – университетнинг профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар ва илмий ходимлар, магистр ҳамда талабаларнинг Ўзбекистон Республикасида ер фонди, унинг таркиби, тупроқ тузилмалари ва шу каби йўналишларда илмий-педагогик ҳамда амалий салоҳиятларини оширишга ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

Ушбу Ахборот – ресурс марказининг маълумотларидан фойдаланган холда, ТошДАУнинг турли йўналишларида билим олаётган мингга яқин талаба ва магистрлар, ёш олимлар, профессор-ўқитувчилар назарий, илмий, педагогик таълим ва амалий малакаларини ошириш имкониятига эга бўладилар.