Тошкент вилояти ИИБ тергов-тезкор гуруҳининг кичик инспектор-кинологи, сафдор Руслан Хонтоев ўз хизмат ити билан Зангиота туманида содир бўлган жиноятни фош қилди. Бу ҳақда “Постда” нашри хабар берди.

Газетада баён қилинишича, яқинда Тошкент шаҳрига томон “Матиз” автомашинасида йўлга чиққан янгийўллик фуқарони икки нафар йигит тўхтатиб, Сергели туманига олиб бориб қўйишини илтимос қилишади. Зангиота туманидан ўтиб кетишаётган чоғда ҳайдовчига машинина тўхтатиб туришини сўрашади ва кутилмаганда ҳалиги икки йигит ҳайдовчига ташланишади. Ҳужумдан ўзини йўқотиб қўймаган ҳайдовчи эса чаққонлик билан автомобилдан тушиб, қочишга улгуради. Ва зудлик билан бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беради.

Воқеа жойига зудлик билан етиб келган Тошкент вилояти ИИБ тергов-тезкор гуруҳи, қоронғу бўлишига қарамай, дарҳол текширувга киришади. Ис олган хизмат ити ички ишлар ходимларини воқеа жойидан бир неча юз метрлар нарида жароҳатланиб, инграб ётган одамнинг олдига олиб боради. Касалхонада ўзига келган бемор, ўз айбини тан олган ва босқинчиликда иштирок этган жиноий шерига ҳақида ҳам маълумот берган.

Аниқланишича, жиноятчилар автомобилни қоронғуда бошқара олмагани сабабли, машина билан йўл четидаги Золариқ каналига ағдарилишган. Босқинчилардан бири шу жараёнда жароҳат олган.