2015 йилда Ўзбекистонда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3 триллион сўмни ташкил этди. Халқ истеъмоли 1 триллион сўмдан ошди. Соҳа компаниялари томонидан 188 турдаги енгил саноат товарлари ишлаб чиқарилди. Ўзлаштирилган 205 миллард сўмлик маблағ эвазига 75 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Бу ҳақида “Ўзбекенгилсаноат” ОАЖ томонидан Ўзбекистон МММда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

“Ўзбекенгилсаноат” АЖ тасарруфидаги экспортёр корхоналар сони 254 тага етиб, бир миллиард доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди. Экспорт таркибига тайёр тикувчилик-тўқимачилик маҳсулотларининг янги турлари, моделлари, нақш трикотаж маҳсулотлари киритилган.

Таъкидлаш лозимки, ишлаб чиқарилаётган текстиль ва трикотаж маҳсулотлари 55 тадан зиёд давлатга экспорт қилинмоқда. Ўтган йили Колумбия, Бразилия, Салвадор, Покистон, Грузия, Хорватия, Нигерия ва бошқа давлатларда янги бозорлар ўзлаштирилди. Хитой, Россия, Беларус, Латвия, Жанубий Корея, Туркия, Германия ва бошқа мамлакатлардаги ҳалқаро ихтисослаштирилган кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этди.

Инвестиция дастури доирасида 2015 йилда 187,3 миллион долларлик сармоя жалб этилган. Шу билан бирга, ўтган йили 33 корхона фаолияти йўлга қўйилиб, 12,5 мингта янги иш ўрни яратилган.

2016 йил охирига қадар 1,1 миллиард долларлик маҳсулотлар экспорт қилиш ҳамда 32 инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, 24 та янги корхоналарни ишга тушириш, 8 та модернизация қилиш эвазига 12 700 янги иш ўрнини яратиш кутилмоқда.