БААдаги Рас ал-Хаймаҳ ( Ras Al Khaimah) ўқиш зонасида олиб борилган тергов ишлари талаба ўз ўқитувчисини бошқа талабалар олдида бир неча бор ҳақоратлаганини кўрсатди.

Бундай муносабатдан ғазабга келган ўқитувчи эса талаба танасининг бир неча жойига сув шланги билан урган. Бу ҳақда “Эмарат ал Юм” нашри хабар берган.

Воқеа ўтган ҳафтада Рас ал-Хаимаҳ ўрта мактабида содир бўлган.

Ўқув муассасасининг директори Сомая Ҳариб ал-Суайди (Somaya Harib Al Suwaidi) талаба ҳам ўз оёқ кийимини ўқитувчисига улоқтиргани, бундай ҳақоратдан сўнг ўқитувчи ғазабланиб, ўқувчига қўл кўтарганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, директор талаба ва ўқитувчи ўртасида юзага келган мунозарадан кейин талаба ўқитувчисини ҳақоратлагани тўғрисида маълумот берган.

Сомая ал-Суайдининг таъкидлашича, 10-синфда таҳсил олаётган талаба ўқитувчини ҳақоратлашда давом этган, натижада ўқитувчи унга қўл кўтарган.

Талаба ва унинг акаси жисмоний зарар етказгани учун ўқитувчининг устидан арз қилиш учун полиция маҳкамасига келишди.

Полиция ўқув муассасасига келди ва мазкур ҳолат сабабини ўрганишга ваъда берди. Рас ал-Хаимаҳда мазкур воқеани ўрганиш бўйича қўмита шакллантирилди ва ҳисобот тайёрланди.