Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия ва Сурия ҳукумат қўшинлари Суриянинг шимолида "қақшатқич операция" ўтказаётганларини айтди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Эрдўған бу ҳақда Анқарадаги матбуот-анжуманида айтиб ўтди.

Унинг айтишича, Сурия ҳукумат кучлари Туркия чегарасига яқинлашиб, курдлар учун коридор яратиб беришди. Эрдўған, шунингдек, Туркиянинг иттифоқчилари томонидан унга билдирилган танқидни инкор қилди.

"Мен бизнинг ғарбдаги иттифоқчиларимизга яна бир мурожаат қилмоқчиман: курд ўзини мудофаа қилиш кучлари ва "Демократик иттифоқ" курд партияси террорчилик ташкилотлари ҳисобланади ва тарих уларга шаклланишга ёрдам берганларни кечирмайди", деб айтди Эрдўған.

Аввалроқ Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу Россияни Суриядаги шифохонага зарба беришда айблади.

Россия ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни инкор қилди. Россия мудофаа вазирлиги эса Анқарани Сурияда назоратни ушлаб туриш мақсадида ахборий уруш олиб бораётганликда айблади.