АҚШ давлат котиби Жон Керри Голливуднинг етакчи студиялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Унда ИШИД аксилташвиқоти хусусида муҳокама қилинди.

Иштирокчилардан бирининг айтишича, учрашув 16 февраль куни Universal Pictures офисида бўлиб ўтган ва 90 дақиқадан ортиқ давом этган.

"Кинокомпания раҳбарлари ва давлат департаменти бошлиғи Голливуд фильмлари ва телелойиҳалар ёрдамида ИШИДга қарши кураш борасидаги таклиф ва ғоялари билан ўртоқлашишган", деб маълумот беради Variety нашри.

Жумладан, аксилтеррор ташвиқотини намоён қилувчи фильмлар, сериаллар устида ишлаш учун Яқин Шарқ кинематографларини ҳам жалб этиш зарурати билдирилди.

Керри билан учрашувда Walt Disney, Universal, Warner Bros., 20th Century Fox, Sony Pictures, DreamWorks, Amblin ва NBCUniversal каби киностудиялар раҳбарлари иштирок этишди.