Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилоят никоҳ саройи қаршисида барпо этиладиган “Шоирлар боғи”га шоир Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилади. Бу ҳақда Сирдарё вилоят ҳокимлигининг сайти хабар берган.

2015 йилнинг 4 сентябрида Ўзбекистон президентининг “2015-2019 йиллар даврида ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан ком­плекс ҳолда эрларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш, Гулистон шаҳрини архитектуравий-режали қуришни тубдан янгилаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди.

Ушбу ҳужжат ижроси юзасидан “Дўстлик” каналининг Гулистон шаҳри худудидан ўтувчи қисмида кенг кўламли ирригация-мелиорация ишлари бажарилди. Каналнинг туби ва қияликлари замонавий технологиялар асосида тайёрланган, намни ўтказмайдиган бетон қоришма билан қопланди. Бу ишларни талаб даражасида амалга ошириш учун 110 дан зиёд техника воситаси ва 500 нафардан кўпроқ ишчи-мутахассис жалб этилди. Каналнинг қарийб 3,5 километрлик қисмида бажарилган реконструкция ишлари туфайли сизот сувлар сатҳи кескин пасайди. Шу кунларда дренаж тизимини янада такомиллаштириш билан боғлиқ юмушлар амалга оширилмоқда.

Яқин келажакда вилоят марказида 1,5 минг томошабинга мўлжалланган амфитеатр қурилиши, вило­ят мусиқали драма театрини тубдан реконструкция қилишга киришилади. Вилоят никоҳ саройи қаршисида барпо этиладиган «Шоирлар боғи»да улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали қад ростлайди, унинг атрофида мусиқали фавворалар қурилади. Мазкур сайилгоҳ марказий истироҳат боғига уланиб, Дўстлик каналининг ҳар иккала қирғоғи бўйлаб шаҳарнинг тўртинчи мавзесига қадар давом этади.

Шу кунларда Боёвут туманининг Гулистон шаҳрига туташган 55 гектарлик майдонда деҳқон ва буюм бозорини қуриш ишла­ри ҳам бошлаб юборилди. Дастурга кўра, 10 та автомобил йўли ҳамда темир йўл устидан ўтувчи шимолий кўприкни икки баравар кенгайтириш, шаҳардаги тоза ичимлик суви, электр ва газ тармоқларини ривожлантириш борасида ҳам кенг кўламли иш олиб борилаяпти.