Ҳиндистон компанияси Ringing Bells нархи 500 рупий (етти доллар)лик смартфон ишлаб чиқаришни бошлайди, деб хабар беради Mashable.

Гаджет Freedom 251 деб аталади ва 3G модули билан таъминланган.

Бу Ҳиндистондаги энг арзон смартфон бўлади. Унинг тақдимот маросими 17 февралга режалаштирилган.

Ringing Bells ушбу смартфонни ишлаб чиқаришда чет элдан келтирилган таркибий қисмлардан фойдаланади, лекин смартфоннинг ўзи “Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган” давлат дастури доирасида Ҳиндистонда йиғилади.

Ҳозир Ҳиндистонда энг арзон смартфонларни 1500 рупий (22 доллар) дан 2000 рупий (29 доллар) гача нархларда сотиб олиш мумкин. 2015 йилда Ringing Bells 4G модулли энг арзон (44 долларлик) гаджет ишлаб чиқарган.

Ҳиндистонда ўртача 220 миллион фойдаланувчи бор, бу ўлка дунёдаги смартфонлар энг кўп сотиладиган мамлакатларнинг иккинчиси ҳисобланади. Motorola, Gionee, Lenovo ва Xiaomi каби йирик компаниялар 2015 йилда ишлаб чиқариш корхоналарини Ҳиндистонга кўчиришган.