16 февраль куни Канада пойтахти Оттава шаҳрида кейинги 69 йил ичида рекорд даражадаги қор ёғди. Бу ҳақда Канада Миллий Метеобьюроси хабар берган. 

Маҳаллий вақт бўйича сешанба тунидан то кундузги соат 17:00гача Канада пойтахтига 46 см қалинликда қор ёғган. Бу орқали 1947 йилда қайд этилган 40.6 сантиметрли рекорд янгиланди.

Ҳозирги вақтда Оттавада қор ёғишда давом этмоқда. Синоптикларнинг тахминларига кўра, пойтахтда ҳали 50 сантиметрдан ҳам қалинроқ қор ёғиши мумкин. Бундан олдин метеорологлар 20-40 сантиметрдан қалин қор ёғмайди деб тахмин қилишганди.

Об-ҳавонинг ноқулай келиши, пойтахт аҳолиси турмуш тарзини бир қадар қийинлаштирди. Полиция маълумотларига кўра, тонги соат 5дан кечки соат 5гача, шаҳарда 120та йул-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Шу муносабат билан, қонун ҳимоячилари ҳайдовчиларга шахсий автоуловлардан фойдаланмасликни тавсия қилмоқда.

ТАСС мухбирининг гувоҳлик беришича, йўлларда машиналарнинг катта тўдалари пайдо бўлган. Қор жуда жадал қор ёғиши сабаб, 3 қатновли йўллар қисқариб, 1 қатновли йўлларга айланган.

Ҳозирги вақтда Оттавада жамоат транспортлари қатновида сезиларли кечикишлар кузатилмоқда. Эрта тонгдан бошлаб, мактаб автобуслари маршрутлари бекор қилинди. Чоршанба куни шаҳардаги бир неча мактаблар ишламаслиги мумкин.

Оттава аэропортида мазкур ҳолат туфайли ўнлаб авиарейслар ушланиб қолмоқда ёки бекор қилинмоқда.

Ҳукумат муассасаларининг айримлари, об-ҳаво ноқулайлиги сабаб ходимларига ишдан эрта жавоб бермоқда.

Маҳаллий вақт бўйича соат 19:50да бўлиб ўтиши мўлжалланган, Миллий Хоккей Лигасининг "Оттава Сенаторз" ва "Баффало Сэйрбз" ўртасидаги ўйин ҳали бекор қилинмаган.