Хитой Халқ Республикаси Давлат статистика бошқармаси келтирган маълумот бўйича, 2015 йилда Хитойда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 6,9 фоизни ташкил этди, бу эса 1990 йилдан буён энг паст кўрсатгичдир.

Ушбу йилда ХХР бюджети тақчиллиги 2 триллион юан (306 миллиард доллар) ни ташкил этади. Бу ИЯМ ҳажмининг 3 фоизига тенг, дейилади ТАСС хабарида.

Хитойнинг ижтимоий фанлар академияси қошидаги иқтисодий тадқиқотлар институти директори Гао Пэйюннинг сўзларига кўра, беш йиллик (2016-2020 йиллар) режани амалга ошириш чоғида бюджет тақчиллиги ортиб бораверади. “Ҳозир солиққа тортиш тизимини ислоҳ қилиш жараёни кетяпти, шунинг учун ғазнага тушумларнинг сусайишини олдини олиш осон бўлмайди”, -ҳисоблайди у. “Ислоҳотлар иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам олиб бориляпти, бу эса бюджетга тушадиган оғирликни янада оширади” , -қўшимча қилди иқтисодчи.