2016 йилнинг охирига қадар Қўйлиқ улгуржи озиқ-овқат бозорини янги қурилаётган бинолар комплексига кўчириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида 17 февраль куни пойтахт ҳокимиятида бўлиб ўтган матбуот анжуманида “Тошбозорсавдо” уюшмаси раҳбари Соҳибжон Неъматуллаевга асосланиб, gazeta.uz хабар қилган.

Янги мажмуанинг лойиҳаси тайёр, унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Тошкентга олиб келадиган улгуржи сотувчилар учун меҳмонхона қуриш ҳам кўзда тутилган. Ҳозирги улгуржи бозор очиқ осмон остида жойлашган, янги комплексда эса улгуржи сотувчилар ёпиқ биноларда жойлашишлари қайд этилган.

Уюшма раҳбари пойтахт қишлоқ хўжалиги бозорларидаги нарх сиёсати ҳақида гапирди. “Шаҳарликлар ҳозирда байрам ва байрамолди кунларида бозорларда нархлар ошиб кетмаётганини айтишмоқда... Бунга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасини ўтказиш орқали эришилди. Яқинлашиб келаётган Наврўз байрами муносабати билан бундай ярмаркалар пойтахтнинг барча 12та деҳқон бозорларида ўз ишини бошлайди ”, - деди Неъматуллаев.

Маълумот учун, “Тошбозорсавдо” уюшмаси 21та деҳқон бозорларини ўз ичига олади: улар 12та деҳқон бозори, битта қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори, 2та махсус бозор ва 6та савдо комплексидан иборат. Бундан ташқари, 60та кичик бозор (филиаллар) фаолият юритмоқда. Уларнинг умумий майдони 140 га ни ташкил этади.

Тошкент бозорлари ва савдо комплексларининг даромади ўтган йили 130,3 миллиард сўмни ташкил қилган.